Тошкент, Навоий ва Самарқанд вилоятларида кредит маблағларини талон-торож қилган МЧЖлар аниқланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Қайд этилишича, департаментнинг Чирчиқ шаҳар бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширувда “А.Б.” МЧЖ масъул шахслари тижорат банки филиалидан ноозиқ-овқат маҳсулотлари чакана савдоси фаолиятини ташкил этиш мақсадида ажратилган кредит маблағи ҳисобига хориждан олиб келинган қурилиш молларини бошқа шахсларга нақд пулга сотиб юбориб, 120 минг доллар миқдоридаги кредитни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.
Шу каби, департаментнинг Навоий шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда “А.” МЧЖ ҳамда “И.О.” оилавий корхонасини норасмий бошқариб келган А.С. замонавий меҳмонхона хизматини ташкил қилиш учун ҳудудий тижорат банки филиалидан 3 миллиард сўм кредит ажратилишига эришиб, амалда меҳмонхона хизматини ташкил қилмасдан кредит маблағларни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани маълум бўлди.
Департаментнинг Каттақўрғон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда эса “А.Г.” МЧЖ масъул шахслари ҳудудий тижорат банки филиалидан ажратилган кредит маблағлари ҳисобидан АЁҚШ биносини таъмирлаш ишларини тўлиқ амалга оширмасдан жами 602,6 миллион сўм кредитни ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Сурхондарёда хусусий боғча қуриш учун ажратилган 356 млн сўм кредит маблағлари талон-торож қилингани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкент вилоятида фермер хўжалиги 3,1 млрд сўм имтиёзли кредит маблағини ўзлаштиргани маълум бўлган эди.
Изоҳ (0)