ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания яқин кунларда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан учрашиши кутилмоқда. Бу ҳақда Al Jazeera нашри хабар берди.
Кўплаб турк янгилик ва телевидение нашрлари ҲАМАС ва Туркия раҳбарияти учрашуви ҳақида маълумот тарқатган. Учрашув мазмуни ҲАМАС томонидан Туркияни Яқин Шарқ масаласида ечим топишда воситачилик қилишга чақиришдан иборат бўлиши мумкин.
Музокаралар мазмуни ва тафсилотлари кейинчалик ошкор қилиниши хабар қилинмоқда. Учрашувнинг ўзи эса ҳафта охирида бўлиши айтилмоқда.
Исмоил Ҳания ташрифини Туркия президенти матбуот хизмати расман тасдиқлаб, нашрларда айланаётган саволларга нуқта қўйган. Матбуот хизмати баёнотида президент Эрдўғон Фаластин вакилларини “меҳмон қилиши” айтилган.
Олдинроқ Ғазо шимолига уюштирилган Исроил ҳаво ҳужуми оқибатида ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳаниянинг етти нафар оила аъзоси — уч нафар ўғли ва тўрт набираси ҳалок бўлган эди.
Изоҳ (0)