Фарғонада ўқитувчи калтаклангани, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилган эди. Миллий гвардия ўқитувчи калтакланишига олиб келган воқеа тафсилотларини эълон қилди.
Унда келтирилишича, 1 апрель куни Фарғона вилояти Тошлоқ туман марказида жойлашган 25-сонли мактабнинг 9-синф ўқувчиси Х.С. соат 11:00 ларда, яъни катта танаффус вақтида ушбу мактабнинг 7-синф ўқувчиси М.Д.нинг юзига спорт тўпини улоқтирган. Тарих фани ўқитувчиси О.М. 9-синф ўқувчисини чақириб, қўли билан уни туртган ҳолда ножўя хатти-ҳаракати учун танбеҳ берган.
Ўқувчи Х.С. ўқитувчига ҳам ҳурматсизлик қилган ҳолда билдирилган танбеҳдан норозилигини билдириб, онасига қўнғироқ қилиб ўқитувчиси уни уриб ҳақорат қилганини айтган.
Ўқитувчи эса ҳолат юзасидан мактаб директорига маълумот берган. Орадан кўп вақт ўтмай ўқувчининг қариндошлари — 2000 йилда туғилган Х.А. ва 2004 йилда туғилган Х.Ж. етиб келиб, мактаб қоровулидан директор олдига келишганини айтиб, кириш учун рухсат сўраган. Мактаб қоровули томонидан директорга хабар берилиб, унинг рухсати билан фуқаролар ичкарига киритилган. Вазиятга аниқлик киритиш мақсадида мактаб директори, ўқитувчи О.М. ва ўқувчи Х.С. ҳамда унинг қариндошларини ўз хонасига таклиф қилган.
Суҳбат жараёнида ўқитувчи ва ўқувчининг қариндошлари ўртасида ўзаро келишмовчилик юзага келиб, жанжаллашиб кетишгани оқибатида ўқитувчи О.М. юз соҳасига қўл билан урилган зарбадан тан жароҳати олган.
Ҳолатдан хабар топиб етиб келган мактаб-инспектор психологи ташвиш тугмаси орқали қўриқлаш ходимларини чақирган ва зудлик билан етиб келган туман қўриқлаш бўлими “тезкор ҳаракатланувчи гуруҳ” ходимлари томонидан барча ҳолат иштирокчилари ҳудудий ИИБга олиб борилган.
Қайд этилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан Тошлоқ туман ИИБ ходимлари томонидан терговга қадар текширув харакатлари олиб борилмоқда. Айрим ҳолатлар юзасидан қўшимча текширувлар талаб қилингани сабабли, терговга қадар текширув муддати туман прокуратураси томонидан бир ойга узайтирилган.
Изоҳ (0)