“Аэрофлот” компанияси учувчилари Шереметьево аэропортига қўнаётганда нотўғри йўлакка чиқиб кетди, деб ёзди “Aвиаторшина” Telegram канали.
Унга кўра, аэропортда учта учиш-қўниш йўлагидан иккитаси ишлаган, қўнишлар ўнг томонда, парвоз эса марказий қисмдан амалга оширилган. Самолёт эса ўнг томондаги эмас, марказдаги йўлакка қўнган.
Telegram канал хабарига кўра, воқеа 10 апрель, чоршанба куни Саратовдан Москвага учаётган самолёт билан содир бўлган. Airbus А320 самолёти қўниш учун пастлай бошлаганида, диспетчер учувчилар билан алоқа ўрнатади ва қайси йўлакка қўниш бўйича кўрсатмалар беради.
Бир оз вақт ўтгач, у экипажга курсдан бир оз оғиш ҳақида хабар берган. Учувчилар бу маълумотни тасдиқлаган ва учиш-қўниш йўлагини кўраётганини маълум қилган.
Шундан сўнг, диспетчер учувчиларнинг манёвр қилишини кутган ҳолда тўғри учиш-қўниш йўлагига қўнишга рухсат берган, бироқ ҳаво лайнери оғиш йўналиши бўйича парвозни давом эттирган.
Диспетчер самолёт бошқа йўлакка қўнишини тушуниб, зудлик билан учишга тайёргарлик кўраётган барча самолётларни тўхтатган. Натижада содир бўлиши мумкин бўлган катта фожианинг олди олинди.
Изоҳ (0)