Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф расмий тадбирларда қизил гиламдан фойдаланишни тақиқлади. Бу ҳақда маҳаллий ОАВга таяниб, Report хабар берди.
Маълум бўлишича, мазкур қарор Покистон дуч келаётган жиддий иқтисодий муаммолар фонида қабул қилинган.
Ҳукумат дипломатик тадбирларда қизил гиламдан фойдаланиш фақат протокол мақсадлари билан чекланишига ойдинлик киритган.
Аввалроқ Шариф ва унинг вазирлар маҳкамаси ўз ихтиёри билан маош ва имтиёзларидан воз кечишга қарор қилган эди. Мамлакат президенти Осиф Али Зардорий ҳам маош олмасликка қарор қилган.
Лавозимга келганидан бир неча ҳафта ўтгач, Шариф ҳукумат харажатларини қисқартиришга қаратилган тежамкорлик чораларини эълон қилган эди. Ушбу чора-тадбирлар қаторига ҳашаматли автомобиллар харид қилишни тақиқлаш, вазирларнинг эконом-классда саёҳат қилишлари ва коммунал тўловларни ўзлари тўлашлари ҳамда беш юлдузли меҳмонхоналарда қолмаслигини талаб қилиш киради.
Изоҳ (0)