Ўзбекистонлик талабаларга Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном туманидаги университетларда таҳсил олишлари учун стипендиялар тақдим этилади. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, вазирлик раҳбари Қўнғиротбой Шарипов ва Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном вилояти ҳукумат раиси Эркин Тунияз Ўзбекистон фуқароларига Хитой олий таълим муассасаларида ўқиш учун стипендиялар тақдим этиш тўғрисидаги келишувни имзолади.
Томонлар олий таълим муассасалари ва илмий муассасалар ўртасида тўғридан тўғри ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, таълим, илмий тадқиқотлар, технология ва менежмент соҳасида тажриба алмашишни қўллаб-қувватлаш, ўзаро ташрифлар ҳамда ўқитувчилар ва илмий ходимлар алмашинувини амалга оширишга келишди. Шунингдек, қўшма тадқиқот гуруҳларини яратиш, ҳамкорликда илмий тадқиқотларни олиб боришга ҳам келишилди.
Шартномага кўра, Хитой томони ҳар йили ноябрь ойининг охиригача Ўзбекистон фуқаролари Хитойда таҳсил олиши мумкин бўлган олий ўқув юртлари рўйхатини, шунингдек, стипендия дастурлари шартлари ва талаблари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этади. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги эса Шинжон-Уйғур автоном туманидаги университетларда ўқиш учун тавсия этилган талабалар рўйхатини тақдим этади.
Чет эл фуқаролари орасидан стипендия эгалари учун ўқиш муддати миллий таълим тизими талабларига мувофиқ қабул қилувчи томонидан белгиланади. Хитойда ўқиш учун номзодлар маълум даражадаги хитой тилини билиши талаб этилади. Зарур ҳолларда стипендияга тавсия этилган талабалар учун тил курслари ташкил қилиш мумкинлиги ҳам инобатга олинган.
Бирламчи келишувга кўра, стипендиялар ўқиш, тўловлар ва турар жой, суғурта мукофотлари (шу жумладан, тиббий суғурта) ҳамда яшаш харажатларининг бир қисмини қоплаши назарда тутилмоқда.
Изоҳ (0)