Россия Давлат думаси хориж фуқароларининг мамлакатда визасиз қолиш муддатини йил давомида 90 кунгача қисқартиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини муҳокама қилади. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.
Таклиф “Ягона Россия” партиясидан Давлат думаси депутати Александр Спиридонов томонидан илгари сурилган. Спиридоновнинг сўзларига кўра, мигрантлар тўғрисидаги қонун лойиҳаси миграция сиёсати бўйича ишчи гуруҳ доирасида муҳокама қилинади. Унда “Россиядан чиқиш ва Россияга кириш тартиби тўғрисида”ги ва “Россиядаги хорижий фуқароларнинг ҳуқуқий мақоми тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиришлар киритилади.
Қонунда белгиланган айрим ҳоллардан ташқари, Россияда визасиз вақтинча бўлиш муддатини йилига 90 кунгача чеклаш режалаштирилмоқда. Амалдаги қонунчиликка кўра, чет эл фуқаролари Россияда ҳар 180 кунлик муддатда 90 кундан ортиқ бўлмаган муддатга визасиз қолиши мумкин.
Изоҳ (0)