Тошкент вилоятида фаолияти “қониқарсиз” деб баҳоланган ҳоким ва раҳбарлар лавозимида қолмайди, деб хабар бермоқда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.
Унга кўра, эндиликда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, корхона-ташкилот раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари фаолияти самарадорлиги яъни, KPIни баҳолаш тизими янада такомиллаштирилади. Самарадорлик кўрсаткичлари президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, топшириқларида белгиланган кўрсаткичлардан паст бўлмаган даражада чораклар кесимида белгилаб борилади.
Ҳокимлар, корхона-ташкилот раҳбарлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари самарадорлик кўрсаткичи 70 фоиздан кам бўлганда – “қониқарсиз”, 70 фоиздан 85 фоизгача – “қониқарли”, 85 фоиздан 100 фоизгача – “яхши” ҳамда 100 фоиз ва ундан юқори бўлганда “аъло” деб баҳоланади.
Шунингдек, йил якуни бўйича иш самарадорлик кўрсаткичларига эришиш натижалари “қониқарсиз” деб баҳоланган раҳбарлар ва ўринбосарларига нисбатан эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги масаласи кўриб чиқилади.
Изоҳ (0)