Ғарбнинг Москвадаги элчилари Россиянинг ички ишларига аралашиш учун “спектакллар” ташкил этишмоқда. Бу ҳақда 5 март куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова “ТАСС” нашрига маълум қилди.
Аввалроқ Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Евроиттифоқ элчиларини Россияда бўлажак президентлик сайловлари олдидан вазиятга ойдинлик киритиб олиш учун йиғилишга таклиф қилганини билдирган эди. Бироқ хориж вакиллари тадбирда қатнашишдан бош тортган. Лавровга кўра, Россияда Европа Иттифоқининг элчихоналари мухолифатни қўллаб-қувватлаш механизмларини тайёрламоқда.
“Ғарб, НАТО давлатларининг элчилари бутун вақтини фақат битта нарсага сарфлашмоқда —улар мамлакатимиз ички ишларига аралашмоқда. Иккинчи томондан, улар том маънода бизнинг кўз олдимизда ‘спектакль’ саҳналаштирмоқда”, — дея вазиятга муносабатини билдирган Захарова.
Мария Захарова, шунингдек, Европа Иттифоқи вакилларининг Сергей Лавров билан учрашишдан бош тортганидан кейин Россиядаги фаоллигини шубҳа остига олган. Ушбу кутилмаган фаоллик сайловолди жараёнларга таъсир этиши мумкинлиги айтилган.
Изоҳ (0)