АҚШ компанияси билан тиббиёт чиқиндиларини қайта ишлаш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилади, деб хабар бермоқда Экология вазирлиги ахборот хизмати.
Қайд этилишича, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ташаббуси билан АҚШнинг SAYAR LLC компанияси делегацияси Самарқанд вилоятига ташриф буюрди. Ташриф давомида чет эл компанияси вакиллари вилоятдаги қатор тиббиёт муассасаларида бўлиб, тиббиёт чиқиндилари сақланиши, таркиби, миқдори, ҳолати билан танишдилар.
Шунингдек, тиббиёт чиқиндиларини қайта ишлаш борасида ҳал қилиниши керак бўлган масалаларга эътибор қаратилди. Хусусан, чиқиндиларни термик усулда утилизация қилиб, иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш имкониятлари муҳокама қилинди. Якунда АҚШ компанияси билан бу борада ҳар томонлама ҳамкорлик қилиш борасида келишувга эришилди.
Таъкидланишича, тиббиёт чиқиндиларини қайта ишлаш дастлаб Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятида тажриба тариқасида йўлга қўйилади. Бунда махсус филтрлардан фойдаланилади ва атмосферага зарарли ташламалар чиқарилишининг олди олинади. Қайта ишлаш натижасида ҳосил бўлган иссиқлик энергиясидан эса шифохоналарни иситишда фойдаланилади.
Изоҳ (0)