Чикаго университети тадқиқотчиларининг маълум қилишича, Афғонистондаги ўнлаб археологик обидалар мунтазам талон-торож қилиш мақсадида бульдозер билан йўқ қилинган. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Уларнинг айтишича, сунъий йўлдошдан олинган суратлар таҳлили аввалги ҳукумат даврида бошланган талон-торожлар давом этаётганини кўрсатган. Вайроналар орасида, бронза ва темир даврига, милоддан аввалги 1000 йилларга оид қадимий манзилгоҳлар мавжуд. Улар милоддан аввалги VI асрда Аҳамонийлар салтанати ҳукмронлигидаги қадимий Афғонистоннинг энг бой ва аҳоли гавжум минтақаларидан бўлган.
Чикаго университетининг Маданий меросни сақлаш маркази тадқиқотчилари сунъий йўлдош тасвирлари ва бошқа воситалар ёрдамида Афғонистонда 29 мингдан ортиқ археологик ёдгорликларни аниқлаган. Тадқиқотчилар Балх вилоятининг космик тасвирларида 2018 йилдан бери доғлар мавжудлигини айтган. Доғлар пайдо бўлиши ва вақт ўтиши билан йўқ бўлишига кўра бульдозерга тегишлилиги тахмин қилинган.
Марказ директори одамлар бу жойни мунтазам равишда талон-торож қилишни осонлаштириш учун “тозаланган”ини таъкидлаган. Профессор Штайннинг фикрича, бу объектлар ер қазиш ускуналарини сотиб олиш ёки ижарага олиш имкониятига эга бўлган бой аҳоли томонидан талон-торож қилиниши мумкин.
Толибоннинг ахборот ва маданият вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Атиқуллоҳ Азизий талончилик ҳамда объектларнинг вайрон қилинаётгани ҳақидаги иддаоларни рад этиб, обидаларни кузатиш учун 800 кишилик куч тайинланганини айтган.
Изоҳ (0)