Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида қалбаки дори воситаларини сотаётган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, департаментнинг Қашқадарё вилоят бошқармаси томонидан божхона бошқармаси ҳамда Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази Қашқадарё бўлинмаси ходимлари билан ҳамкорликда Яккабоғ тумани “Жанбул” МФЙ ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро С.Б. фуқаро А.А.га “Банксеф”, “Занасеф”, “Гансеф” ва “Гандсеф” номли жами 3 767 дона қалбаки дори воситаларини 54 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, ушбу дори воситаларининг келиб чиқиш манбасини аниқлаш мақсадида давом этган тадбирда, бошқа бир фуқаро Л.Д. фуқаро С.Б.га ушбу дори воситаларини 26 млн сўмга сотгани аниқланиб, унинг хонадонидаги ёрдамчи хўжалигидан умумий баҳоси 1,3 млрд сўмлик жами 14 909 дона қалбаки дори воситалари ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)