Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Беларусь президенти Александр Лукашенко 7 февраль куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келганди. 8 февраль куни ушбу давлат раҳбарини расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон ва Беларусь байроқлари билан безатилган майдонда олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Шавкат Мирзиёев Беларусь етакчисини самимий кутиб олди ва шоҳсупага таклиф қилди. Икки мамлакат мадҳиялари янгради.
Давлат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутлади. Биргаликда суратга тушилгач, олий даражадаги музокаралар бошланди.
Ташриф дастурига мувофиқ олий даражадаги музокаралар ўтказилиши, уларда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилиши режалаштирилган.
Ўзаро товар айирбошлашни ошириш, қишлоқ хўжалиги, енгил ва озиқ-овқат саноати, фармацевтика, коммуникациялар ва бошқа тармоқларда кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари диққат марказида бўлади. Профессионал таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва туризм соҳаларида шерикликни ривожлантириш дастурлари ҳам муҳокама қилинади.
Музокаралар якунида икки томонлама ҳужжатлар тўпламини қабул қилиш кўзда тутилган.
Изоҳ (0)