Австралия Мудофаа вазирлиги Ғазо секторида тинч аҳоли қурбон бўлаётгани туфайли Исроилга ҳарбий техника жўнатиш учун рухсатномаларни атайлаб кечиктирмоқда. Бу ҳақда Австралиянинг ABC телеканали мамлакат Мудофаа вазирлигидаги аноним манбага таяниб хабар берди.
Унга кўра, Австралия Мудофаа вазирлигининг экспорт назорати учун масъул департаменти бир неча ой давомида Исроилга Австралия ҳарбий технологияларини, жумладан, дронларга қарши тизимларни етказиб бериш учун лицензия бермаган.
“Афтидан, Ғазода уруш давом этар экан, Исроил билан боғлиқ барча ишлар атайлаб секинлаштирилмоқда”, — деди телеканалга манба.
ABC телеканали мамлакат Мудофаа вазирлигига расмий сўров юборди, унда мамлакат “камида охирги беш йил давомида Исроилга қурол етказиб бермагани” айтилди. Мудофаа вакилининг сўзларига кўра, “Австралияда қатъий экспорт назорати тизими мавжуд”, бу давлатнинг ҳарбий маҳсулотларидан инсон ҳуқуқларининг бузилиши сифатида баҳоланиши мумкин бўлган фаолият учун фойдаланишнинг олдини олишга қаратилган.
2023 йилда Австралия бош вазири Энтони Альбанезенинг Вашингтонга ташрифи чоғида АҚШ президенти Жо Байден иккала давлат ҳам Украина ва Исроилга ёрдам кўрсатиш имкониятларини ўрганаётганини ва “ҲАМАСнинг терроризмига” қарши эканини айтганди.
Изоҳ (0)