Германия Ташқи ишлар вазирлиги Яман ҳусийларига қарши ҳарбий операцияни тезлаштиришга чақирди. Бу ҳақда Bild хабар берди.
Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Европа Иттифоқи давлатлари тижорат юк ташишни таъминлаш учун Қизил денгизда имкон қадар тезроқ кенг кўламли ҳарбий амалиёт ўтказиши кераклигини айтди.
“Деярли ҳар куни Яман ҳусийлари Яқин Шарқдаги урушда умуман иштирок этмаган кемаларга тасодифий ҳужум қилишади. Бу кемаларнинг эркин ҳаракатланиш бўйича марказий артерияларидан бирига ва глобал савдога зарар етказади”, — деди Бербок.
Сўнгги ўн кун ичида АҚШ армияси ҳусийларнинг позицияларига зарбалар бермоқда, бироқ улар савдо кемаларига ҳужумларни тўхтата олмади.
Шу муносабат билан, Washington Post газетаси ўз манбаларига таяниб ёзганидек, АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти ҳусийларга қарши узоқ муддатли ҳарбий кампания ўтказиш режаларини ишлаб чиқмоқда. АҚШ армияси Қизил денгиз ва Адан кўрфазидаги кемаларга ҳужум қила олмаслиги учун ҳусийларнинг ҳарбий салоҳиятини йўқ қилишга уринмоқда.
“Биз ҳусийларни енгишга уринмаяпмиз. Яманга бостириб кириш истагимиз йўқ. Уларнинг келажакда шу каби ҳужумларни амалга ошириш қобилиятини заифлаштирмоқчимиз ва бу шундай ҳужумларни амалга оширишга имкон берадиган инфратузилмани нишонга олишни англатади”, — деди АҚШнинг юқори мартабали дипломати Washington Post газетасига.
Изоҳ (0)