Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) президенти Жанни Инфантино мухлислари трибунадан рақибига қарши ирқчилик сўзларини ишлатган жамоаларга автоматик техник мағлубият берилишини талаб қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Инфантинонинг баёноти 20 январь куни Италиянинг “Удинезе” ва “Милан” ҳамда Англиянинг “Шеффилд Уэнсдей” ва ”Ковентри Сити” клублари ўртасидаги ўйинлардаги “мутлақо жирканч” воқеалардан кейин содир бўлди.
“Биз мухлислари ирқчи бўлган ва хатти-ҳаракати ўйиннинг бузилишига ёки тўхтатилишига олиб келган жамоага автоматик мағлубият бериш ғоясини амалга оширишимиз керак”, — деган ФИФА президенти.
Шунингдек, Инфантино ирқчилик учун жиноий жавобгарликка тортиш ва бундай мухлисларнинг стадионларга киришини тақиқлаш зарур деб ҳисоблайди.
- “Милан” ғалаба қозонган Италия клублари ўртасидаги ўйин “Удинезе” мухлислари “Милан” дарвозабони, асли Француз Гвианасидан бўлган Майк Майнянга нисбатан ирқчилик қилиб, уни ҳақоратлай бошлаганидан кейин қисқа муддатга тўхтатилди.
ФИФА президенти ирқчиликдан азият чеккан футболчиларни қўллаб-қувватлашини билдирди ва шанба кунги ўйинлардаги воқеаларни “мутлақо жирканч ва қабул қилиб бўлмас” деб атади.
Изоҳ (0)