Афғонистонда Россиянинг Falcon 10 самолёти ҳалокатидан тўрт киши тирик қолди, улар турли тан жароҳатлари олган. Бу ҳақда Россия элчихонасига таяниб, “Росавиация” хабар берди.
Бортда жами олти киши бўлган, уларнинг тўрт нафари афғонистонлик қутқарувчилар томонидан аниқланган. Авиатехникада бўлган икки кишини қидириш ишлари давом этмоқда. Самолёт йўловчилари волгоградлик тадбиркор Анатолий Евсюков ва унинг рафиқаси Анна эди. Аёл Таиландда номаълум инфекцияга чалингани сабабли шифокорлар унга ватанига (Россияга) қайтишни тавсия қилганди.
Шу сабабли оила Гая—Тошкент—Москва йўналишида ҳаракатланадиган шахсий рейсни брон қилган. Бироқ самолёт Тожикистон ҳаво ҳудудига киришидан бир оз олдин, Афғонистон ҳудудида радардан ғойиб бўлган.
“Толибон” ҳаракати кейинчалик самолёт Бадахшонга қулаб тушганини хабар қилган. Авиатехника Россиянинг “Атлетик Груп” компаниясига ва жисмоний шахсга тегишли бўлиб, санитар чартер рейсини амалга ошираётган эди. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳалокатга иккита двигателнинг носозлиги сабаб бўлган. Авиатехникани бошқарган икки нафар учувчи ҳам етарли тажрибага эга бўлмагани айтилмоқда.
Изоҳ (0)