Тошкентдаги Paynet’ларда пластик картага пул тушириб, нақд пулни бермасдан қочиб кетган шахснинг видеоси тарқалгани тўғрисида хабар берилганди. Тошкент шаҳар ИИББга кўра, айни вақтда гумонланувчи қўлга олинган.
Қайд этилишича, ҳозирда ушбу шахсга нисбатан пойтахт ИИББ Ахборот соҳаларидаги жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шимолий Олмазорга бордим, 680 минг ташлаворинг (Paynet орқали — “Дарё” изоҳи) дедим, ташлаворди. Ҳозир олиб келиб бераман деб, таксига ўтириб кетвордим. Кейин “Ганга”нинг қарама-қарши тарафидаги Paynet’да 507 минг ҳисобимга тушириб, яна чиқиб кетдим. Тўғрисини айтаман, мақсадим алдаб чиқиб кетиш эди. Қилган ишимдан афсусдаман, узр сўрайман, — дейди гумонланувчи.
Маълум бўлишича, ушбу шахс бундан олдин ҳам содир этган жиноятлари учун Жиноят кодексининг 169-(ўғрилик), 277-(безорилик) ва 166-моддалари билан жазони ўтаб чиққан бўлган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 166-моддаси (талончилик) билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг апрелида Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида ўзини “лейтенант” деб таништирган сохта ходим ушланганди. Ушбу шахсдан ички ишлар органи ходими кийими ва қўл телефони далилий ашё сифатида олинган эди.
Изоҳ (0)