Қозоғистон Хитойга янги темирйўл қуришни бошлади. Темирйўл ишга тушса мамлакатлар ўртасидаги юк айланмаси 20 миллион тоннага ошади. Бу ҳақда республика ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.
“Абай вилоятида узунлиги 272 км бўлган Бахти – Аяғоз янги темирйўл линияси қурилиши бошланди. Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов телекўприк орқали ишни расман бошлаб берди.
Ушбу лойиҳа Давлат раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Қозоғистоннинг транспорт-транзит салоҳиятини янада ривожлантириш тўғрисидаги топшириғини бажариш доирасида амалга оширилмоқда. Янги йўналиш қурилиши давомида Хитой билан учинчи чегара ўтиш пункти – Бахти — Чугучак очилиши режалаштирилган, дейилади баёнотда.
Расмийлар янги йўналиш Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги юк айланмасини 28 миллион тоннадан қарийб 48 миллион тоннагача ошириш, жанубий назорат-ўтказиш пунктларидаги тирбандликни бартараф этиш ва қўшимча транзит ҳажмини жалб қилишини кутмоқда. Икки изли темирйўл 2027 йилда фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Кенг кўламли лойиҳа хусусий инвестор иштирокида давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида амалга оширилади. Бунёд этиш жараёнида 11 та вокзал, 47 та кўприк, 23 та темирйўл ва 8 та автомобиль йўл ўтказгичлари, 5 та пиёдалар кўприги, 16 та кузатув иншооти қурилади. Бунинг учун 500 минг донадан ортиқ шпал ва 36 тонна рельс харид қилиш режалаштирилган. Маҳаллий таркиб камида 85 фоизни ташкил этиши кутилмоқда, — дейилади матбуот хизмати хабарида.
Изоҳ (0)