Япония молия вазири Шуничи Сузуки мамлакат ҳукумати Украинага 4,5 миллиард доллар (тахминан 650 миллиард иена) миқдорида қўшимча молиявий ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда у G7 мамлакатлари марказий банклари раҳбарлари билан учрашувда маълум қилди, деб ёзади Япониянинг Kyodo агентлиги.
Япония бош вазири Фумио Кисида 7 декабрь куни G7 онлайн саммитида Украинага мамлакатни тикланишида ёрдам бериш учун молиявий ёрдам кўрсатиш режалари ҳақида гапирганди. 15 декабрь куни Япония Вазирлар Маҳкамаси вакили Шимаса Хаяши АҚШдан кўрсатилаётган ёрдам ҳажми камайган тақдирда, Киевга ёрдам кўрсатиш имконияти ҳақида изоҳ беришдан бош тортди.
Украина бош вазири Денис Шмигал ноябрь ойида мамлакат ҳукумати давлат бюджети тақчиллигини қоплаш учун иттифоқчи давлатлардан 30 миллиард доллардан ортиқ маблағ олишга умид қилаётганини айтган эди.
АҚШ президенти Жо Байден октябрь ойида Украина учун 61,4 миллиард доллар ва Исроил учун 14,3 миллиард доллар ажратиш бўйича Конгрессга сўров юборган. Бироқ молиялаштириш лойиҳаси ҳалигача келишиб олинмаган. 15 декабрь куни Венгрия бош вазири Виктор Орбан Европа Иттифоқининг Киевга 50 миллиард евро ажратиш ҳақидаги қарорига вето қўйганди.
Изоҳ (0)