Бурҳон Кулдашев Фарғона вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 18 декабрь куни бўлиб ўтган вилоят ҳокимлиги ижроия аппарати йиғилишида Бурҳон Кулдашев вилоят жамоатчилигига таништирилган.
Бурҳон Кулдашев 1988 йилда Наманган вилояти Мингбулоқ туманида туғилган, юриспруденсия йўналишида олий маълумотли. 2010 йилдан тайинловга қадар ҳарбий хизматда офицерлик ва раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб борган.
2019 йилдан бери вилоят ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари бўлиб ишлаб келган Жамшид Ҳотамов бошқа ишга ўтгани муносабати билан эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Аввалроқ Ташқи ишлар вазирлиги Иқтисодий дипломатия ва маданий ҳамкорлик департаменти директорининг биринчи ўринбосари Нуриддин Мамажонов Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари – вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи этиб тайинланган эди.
Изоҳ (0)