Самарқанд вилоятида ноқонуний равишда электр тармоғига уланиб, давлат ва жамият манфаатига 2 миллиард 237 миллион сўм зарар етказган шахс аниқланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ҳолат 12 декабрь куни Самарқанд вилояти ИИБ ТҚХ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими, Киберхавфсизлик бўлими, ДХХ вилояти бошқармаси, вилоят прокуратураси, департаментнинг вилоят бошқармаси ва “Ўзэнергоинспекция” вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида аниқланган.
1990 йилда туғилган Х.А. Паст Дарғом тумани “Камолот” маҳалласида жойлашган нотурар бино ертўласида электр тармоғига яширин равишда уланган ҳолда 25 дона майнинг ускунасини ўрнатиб, ноқонуний равишда давлат ва жамият манфаатига 2 миллиард 237 миллион сўм зарар етказган.
Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бу каби ноқонуний фаолиятларга чек қўйиш борасидаги тадбирлар давом этмоқда.
Изоҳ (0)