Ўзбек Миллий академик драма театри актёри Рихситилла Абдуллаев “Омон-омон” кўрсатувига берган интервьюсида ўғлини ўз синфдошига уйлантиргани ҳамда оиласидаги ўзига хос тартиб-қоидалар ҳақида сўзлаб берди.
“Келинли бўлиш биласизми, яна бир фарзандингиз туғилганидек бўларкан. Кимдир сизга фарзандингизни тарбиялаб, ўқитиб, ҳаётга тайёрлаб бергандек бўларкан. Тўртинчи фарзанддек қабул қилдик. Оиламдаги фарзандларим билан келиним бир-бирига бегона эмас. Чунки ҳаммалари битта мактабда ўқишган. Ўғлим ҳам у билан параллел синфдош бўлган. Уларнинг беш йиллик муҳаббати охири ғалаба қозонди. Ўғлим отамга ичидаги туйғуларини сўзлаб берган. Шундан кейин улар ҳаракатни бошлашган. Тўйни ўғлимнинг туғилган кунига белгилаб қўйгандик”, — дейди Рихситилла Абдуллаев.
Шунингдек актёр, невара тўйини кўриш унинг ота-онасига ҳам ижобий таъсир кўрсатганини ҳам айтиб ўтди.
“Биласизми, невараларнинг тўйини кўриш биринчи навбатда ота-онангизга жуда яхши бўларкан. Улар бир йил давомида тўйнинг ширин ташвишлари билан овора бўлишади, шунинг учун хаста бўлишга ҳам вақтлари қолмайди. Инсонлар бекорга набира тўйини кутишмас экан. Чунки катта ёшдаги ота-она, қайсидир маънода яшарар экан. Бу нарсани мен ўз исботини кўрдим. Отам келинларга бошқача меҳр билан қарайдилар. Парҳез қилишса, уришиб берадилар. “Менинг уйимда ҳамма дўмбоқ бўлиб юриши керак”, дейдилар. Келинимизни шу тарзда ўзимизники қилиб олдик”, — дейди актёр.
Изоҳ (0)