Шавкат Мирзиёев Озарбайжон президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиётлари учун махсус дастури (СПЕКА) саммитида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Боку шаҳрига жўнаб кетди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари Боку шаҳрида БМТнинг Марказий Осиё иқтисодиётлари учун махсус дастури (СПЕКА) биринчи саммитида иштирок этади. Тадбир кун тартибидан дастур доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, минтақавий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун Мақсадли фонд ташкил этиш, транспорт йўлакларини рақамлаштириш учун “йўл харитаси”ни қабул қилиш, ишбилармонлик ташаббусларини илгари суриш ва бошқа масалалар ўрин олган.
СПЕКА дастури минтақа мамлакатларининг иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантириш ҳамда уларнинг жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувига кўмаклашиш мақсадида 1998 йил 26 март куни Тошкент декларациясига мувофиқ таъсис этилган. Иштирокчи давлатлар – Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон.
Изоҳ (0)