Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 22 ноябрдаги Олий Мажлис қонунчилик палатаси йиғилишида аҳолига бензин етказиб бериш бўйича қилинаётган ишлар ҳақида гапирди.
Вазирнинг айтишича, республикада бензинга бўлган талабни қондириш бўйича чоралар кўриляпти.
“Охирги кунларда ижтимоий тармоқларда заправкаларда бензин етишмаётгани ҳақидаги гаплар жуда кўп муҳокамалар қилинмоқда. Жойларга чиқиб масалани ўрганяпмиз. Бу ерда тақчиллик юзага келган деб бўлмайди. Ҳолатни сунъий манипуляция қилган заправкаларга нисбатан чоралар кўриляпти. Албатта, эҳтиёжни қондириш учун ички ишлаб чиқаришни ошириш ва импорт қилиб ҳам бензин олиб келинмоқда. Тўғри, Россия ҳукумати томонидан киритилган маълум муддатли чеклов ҳам бунга таъсир қилди. Лекин 5-6-октябрь кунлари президентимизнинг Россияга ташрифлари давомида ҳукуматлараро келишувга эришилган. Яъни у чеклов бўлса бўлмаса, бизга истисно тариқасида бензинни кафолатланган тарзда олиб чиқиш имконияти яратилди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонга Россия компанияларидан бензин импорт қилиш бошланди”, — деди вазир.
Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг қўшимча қилишича, республикада йил бошидан бери 1 миллион 160 минг тонна автобензин ишлаб чиқарилган.
Яна 371 минг тонна бензин импорт қилиниши кўзда тутилган. Шундан “Ўзбекнефтгаз” АЖ 100 минг тонна, тадбиркорлар 270 минг тонна бензин импорт қилиши режалаштирилмоқда. Йил якунигача 1 миллион 329 минг тонна бензин ташқаридан олиб келинадиган хом ашё ва ички ресурслар ҳисобидан етказиб берилади. Ноябрь ва декабрь ойларида 80 минг тонна бензин импорт қилиниб, эҳтиёж ортган пайтда таъминлаш кўзда тутилган, — деди вазирлик расмийси.
Аввалроқ “Ўзбекнефтгаз” департаменти бошлиғи Жамшид Багиров “Дарё” мухбирига берган интервьюсида Ўзбекистонда бензинга талабнинг кескин ошиши инобатга олиниб, қатор чоралар кўрилганини айтганди.
Маълумот учун, ҳозирда мамлакатда 2 минг 500 та автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари фаолият олиб боради.
Изоҳ (0)