“Толибон” бош вазирининг иқтисод бўйича ўринбосари Мулла Абдул Ғани Бародар Эрондан Афғонистоннинг Чобаҳор портига киришини осонлаштиришни сўради. Бу ҳақда Hasht-e Subh Daily хабар берди.
Бародар Чобаҳор портига ташрифи чоғида Афғонистон порт орқали экспорт ва импорт ҳажмини оширишга алоҳида урғу берганини айтган. Чобаҳор порти ходимлари Афғонистоннинг портдан фойдаланишини тасдиқлаб, “Толибон” ва Эрон техник гуруҳлари бу йўналишда ҳамкорликни бошлашини билдирган.
Мазкур порт Эроннинг Систон ва Балужистон вилоятларида жойлашган бўлиб, Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон учун очиқ сув ҳавзаларига энг яқин йўналиш ҳисобланади. Чобаҳор порти Афғонистон марказига Бандар Аббос ва Карачи портларига нисбатан мос равишда 90 км ва 700 км яқинроқ бўлиб, бу савдогарларга ўз товарларини бошқа портларга қараганда 20 фоизга эрта экспорт қилиш имкониятини беради.
Бироқ Чобаҳордаги асосий муаммо тижорат товарлари транзити учун мос инфратузилманинг йўқлиги ҳисобланади. Аввалги Афғонистон ҳукумати Чобаҳор порти Ҳиндистонни Эрон орқали Афғонистонга, сўнгра Марказий Осиё давлатлари ва Россия билан боғлайди, деб умид қилганди.
Аммо порт тез орада Ҳиндистон, Эрон ва Афғонистон ўртасидаги энг гавжум транзит йўлларидан бирига айланиши даргумон.
Изоҳ (0)