Америкалик хонанда Тейлор Свифтнинг бойлиги муваффақиятли ўтган “Eras” туридан кейин 1 миллиард АҚШ долларидан ошди.
Маълумотларга кўра, хонанда 2019 йилдан буён мусиқий тақдимотлари ортидан 400 млн, концерт чипталари ва мерчлар сотувидан 370 млн, Spotify ва YouTube платформаларидан 120 млн, ўз қўшиқларини бошқа усуллар билан сотиш орқали 80 млн АҚШ доллари миқдорида даромад кўрган. Шунингдек, хонанданинг номида қиймати 110 млн АҚШ долларидан ошадиган кўчмас-мулк ҳам бор.
Жорий йилда Свифт умумий ҳисобда 53 марта чиқиш қилган ва бу АҚШ ЯИМ кўрсаткичини 4,3 миллиард долларга оширган. “Eras” тури доирасида Шимолий Американинг ўзида 57 марта концерт берган ва тез орада яна 89 марта концерт беришни режа қилган. Хонанданинг концертига кириш чипталарининг ўртача нархи 254 долларга тенг, аммо “қўлда” уларнинг нархи бир неча баробарга қимматроқ.
Маълумот учун, Тейлор Свифт айни вақтда 33 ёшда. У ўзининг қўшиқлари, мусиқий чиқишлари ва тўғри танланган маркетинг усуллари ёрдамида 1 миллиард АҚШ долларидан кўп пул ишлаб топган дунёдаги саноқли хонандалардан бири ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 октябрь куни Свифт “1989” деб ном олган ва илк марта 2014 йилда тақдим этилган бешинчи мусиқий альбомининг янги версиясини мухлислар эътиборига ҳавола қилган эди. Жамланмадан умумий ҳисобда 21 та трек жой олган.
Изоҳ (0)