Ўн минглаб афғонлар депортация муддати тугамасдан Покистонни тарк этмоқда. Бу ҳақда Deutsche Welle хабар берди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қочқинлар бўйича агентлиги яқинлашиб келаётган инсон ҳуқуқлари фалокатидан огоҳлантирмоқда.
Покистон ҳукумати 31 октябргача муддат белгилаганидан кейин афғонлар ватанларига қайтишга мажбур бўлмоқда. БМТ ва Халқаро миграция ташкилотининг билдиришича, 3-15 октябрь кунлари ўн минглаб афғон Покистонни тарк этган.
“Биз Покистон ҳукуматини инсон ҳуқуқлари фалокатига йўл қўймаслик учун кеч бўлмасдан туриб, афғон фуқароларининг мажбурий қайтарилишини тўхтатишга чақирамиз. Ишонамизки, депортацияга учраганларнинг кўпчилиги Афғонистонга қайтса, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш, қийноқлар, шафқатсиз ва бошқа ғайриинсоний муомалалар каби инсон ҳуқуқлари бузилишига дуч келади”, — деди икки идора вакиллари.
Покистонлик Нобель мукофоти совриндори Малала Юсуфзай ҳам бу сиёсатни қоралади.
“Толибон” таъқибидан қочган афғон қочқинлари — болалар, аёллар, эркаклар, оқсоқоллар бошқа тўсиқлар ва таъқибларга эмас, қўллаб-қувватлаш, қадр-қиммат ва хавфсизликка лойиқдир. Мен БМТ экспертларининг чақириғига қўшиламан ва Покистон ҳукуматини оммавий депортация бўйича шошқалоқ сиёсатини қайта кўриб чиқишга чақираман, — дейди у.
Йиллар давомида афғонлар уруш ва “Толибон”дан қочиб, қўшни Покистондан бошпана излаб келган. Покистон ҳукуматига кўра, мамлакатда 4,4 миллионга яқин афғон қочқинлари бор, улардан 1,7 миллиони ҳужжатсиз.
Покистоннинг таъкидлашича, ноқонуний муҳожирларнинг янги оммавий депортацияси бирон бир миллатни нишонга олмайди. Мамлакат расмийлари ҳибсга олинганларнинг ҳеч бирига шафқатсиз муносабатда бўлмаслигини даъво қилмоқда.
Изоҳ (0)