Хоразм ва Бухоро вилоятларида ҳайдовчилик гувоҳномаларини ноқонуний равишда олиб беришни ваъда қилган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Хоразм вилоят бошқармаси томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Х.Ж. исмли шахс уч нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларни танишлари ёрдамида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун бўлиб ўтадиган имтиҳондан ўтказиб қўйиши эвазига 1,3 минг доллар ва 1,2 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, департаментнинг Когон туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Д.Б. исмли шахс фуқаро М.Х.га танишлари ёрдамида автомактабда ўқигани ҳақида ҳужжат тайёрлаб бериб, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун бўлиб ўтадиган имтиҳондан ўтказиб қўйиши эвазига 1 000 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бундан олдин Тошкент вилоятида сохта сертификат эвазига ҳайдовчилик гувоҳномаси олган фуқарога суд ҳукми ўқилганди. Унга Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2,5 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Май ўрталарида бўлса, Фарғонада 200 долларга “права” олиб беришни ваъда қилган автомактаб раҳбари ушланганди.
Изоҳ (0)