Ўзбекистонда таъмирталаб тизимларда вужудга келаётган авариялар натижасида ичимлик сувининг 25,7 фоизи йўқотилмоқда, деб хабар бермоқда ЎзА.
Маълум қилинишича, Ўзбекистонда ичимлик сувини ишлаб чиқариш ва уни истеъмолчиларга етказиб берилишидаги асосий муаммо бу 10 942 та сув иншоотининг 2 318 таси яъни 21,2 фоизи, 89 минг км марказий ва ички тармоқларнинг 23,6 минг км ёки 26,5 фоизи таъмирталаб ҳолатга келиб қолганида. Бу ҳақда “Ўзсувтаъминот” АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов ЎзАга хабар берди.
Шавкат Мирзиёев 22 сентябрь куни аҳолини сифатли ичимлик суви билан таъминлаш масалалари бўйича йиғилиш ўтказганди. Унга кўра, мамлакатда аҳоли саломатлигини яхшилаш ва ҳаёт сифатини оширишга қаратилган кўплаб ижтимоий, ҳудудий дастурлар бажарилмоқда. Хусусан, сўнгги олти йилда ичимлик суви соҳасига давлат бюджетидан 14 триллион 500 миллиард сўм ёки олдинги даврга нисбатан 6 баравар кўп маблағ ажратилган. 31 минг километр ичимлик суви ва оқова тармоқлари ўтказилган, 1200 та сув иншоотида қурилиш-таъмирлаш бўлган. Бу ишлар натижасида мингта маҳалладаги 6,5 миллион аҳоли яшайдиган хонадонларга илк бор тоза ичимлик суви кириб борди.
Изоҳ (0)