Аннексия қилинган Қримдаги Севастопол шаҳри мери Михаил Развожаев Украина армияси Россиянинг Қора денгиз флоти қароргоҳига ракета ҳужуми уюштирганини маълум қилди.
“Ракета парчаси Луначарский театри яқинига ҳам тушган. Топганлардан унга яқинлашмасликни ва 112 рақамига қўнғироқ қилишни сўраймиз. Воқеа жойига барча тез ёрдам хизматлари етиб келган. Жабрланганлар ҳақидаги маълумотларга аниқлик киритилмоқда”, — деди у.
Развожаев Севастопол аҳолисини хотиржамликни сақлашга, зарба оқибатлари акс этган фотосуратлар ва видеоларни чоп этмасликка чақирди.
“Қрим шамоли” Telegram канали хабарига кўра, флот бош қароргоҳи биносига ўнта тез ёрдам машинаси етиб келган.
Развожаевнинг баёнотидан олдин Севастопол аҳолиси ҳаво ҳужумидан мудофаа товушлари эшитилганини айтишди, деб ёзмоқда “Диққат, Янгиликлар” Telegram канали.
Айни пайтда Севастополда ҳаво тревогаси янграмоқда.
Изоҳ (0)