Ҳукумат қарори билан Товар белгилари ва хизмат кўрсатиш белгиларини рўйхатдан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
Регламентга кўра, мазкур давлат хизмати Адлия вазирлиги (ваколатли орган) томонидан кўрсатилади. Товар белгисини рўйхатдан ўтказишга доир талабномани топшириш бўйича ҳаракатлар талабнома берувчи томонидан бевосита ёки вакили орқали амалга оширилади. Шунга кўра, давлат хизматидан фойдаланиш учун ваколатли органнинг ахборот тизими ёки ЯИДXP (my.gov.uz) орқали ёхуд почта алоқаси бўйича талабнома топширилади.
Сўнг талабнома берувчи 3 ой давомида талабнома топшириш учун патент божи тўловини амалга ошириши керак. Патент божи тўлангач, талабнома қабул қилиниб, унинг қайд рақами ва келиб тушган санаси кўрсатилган хабарнома талабнома берувчига юборилади.
Интеллектуал мулк маркази талабнома келиб тушган санадан 30 кун давомида талабноманинг расмий экспертизасини амалга оширади. Регламентга кўра, жумладан, қуйидагилар товар белгиси сифатида рўйхатдан ўтказилмайди:
- давлат герблари, байроқлари ва давлат мукофотларининг тасвири туширилган белгилар;
- товар ва унинг тайёрловчиси тўғрисидаги ёлғон ёки истеъмолчини чалғитиши мумкин бўлган белгилар;
- жамият манфаатларига, одамийлик ва ахлоқ қоидаларига зид бўлган белгилар.
Изоҳ (0)