Руминия бош вазири Марчел Чолаку Der Standart нашрига берган интервьюсида Европа Иттифоқининг барча давлатлари Руминиядан ўрнак олиб, Россия гази ва товарларини харид қилишдан бутунлай воз кечишга чақирди.
Унинг сўзларига кўра, ЕИ тегишли чораларни кўришга “аллақачон тайёрланмоқда”. Шу билан бирга, Европа Иттифоқининг айрим давлатлари ҳали ҳам Украина газ транспорти тизими орқали Россия газини олишдан воз кеча олмаяпти.
“Ҳа, бутунлай тақиқлаш керак! Чунки биз йўқотадиган жиҳат, яъни комфорт билан Украинада содир бўлаётган воқеалар ўртасида жуда катта фарқ бор”, — деди Чолаку журналистнинг саволига жавобан.
Унга кўра, Австрия каби давлатлар Украинадаги жанговар ҳаракатлар давом этишига ҳомийлик қилиб, Россияга “қонли пуллар” тўламоқда. New York Times газетасининг ёзишича, жорий йилнинг март ойида Россия газининг Австрияга етказиб бериш ҳажми 74 фоизни ташкил қилган.
2023 йил май ойида Европа давлатлари биринчи марта қувур газидан (13,7 миллиард куб метр) кўпроқ суюлтирилган газ (13,9 миллиард куб метр) импорт қилди. Европа Иттифоқи давлатлари Россиядан газ олишдан бош тортмоқда ёки Россия гази импортини камайтиришга ҳаракат қилмоқда.
Европа Иттифоқи мамлакатлари орасида Руминиядан ташқари Польша, Болгария, Финляндия, Нидерландия ва Дания Россия газидан бутунлай воз кечган.
Изоҳ (0)