Наманган вилояти Учқўрғон туманлараро иқтисодий судининг ҳал қилув қарори билан “НамХУ ОТМ” масъулияти чекланган жамиятига берилган лицензия беркор қилинди. Бу ҳақда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, суд мажлиси муҳокамаларида олий таълим ташкилоти фаолиятида аниқланган қўпол қоидабузарликлар асосли ҳужжатлар билан судга тақдим этилиб, ўз исботини топган.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 2023 йил 10 майдаги буйруғига мувофиқ текширув ўтказилиб, унга кўра университет томонидан таълим ташкилоти, таълим олувчилар ва педагог ходимлар тўғрисидаги маълумотлар вазирликнинг HEMIS ахборот тизимига киритилмагани аниқланган.
Шунингдек, ташкилотда ректор маслаҳатчиси штати бирлиги жорий этилмагани, талабаларнинг ўқишни кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби ишлаб чиқилмагани, барча таълим йўналишлари бўйича адабиётлар, шу жумладан, 95 фоиз адабиётларнинг электрон вариантлари етишмаслиги, университет ўқитувчиларининг 23 нафари илмий даражага эга профессор-ўқитувчилар ҳисобланса-да, улардан 15 нафарининг асосий иш жойи Наманган давлат университетида экани маълум бўлган.
Лицензия талаби бўйича бакалавриат таълим йўналишлари учун 35 фоиз илмий салоҳият белгиланган бўлса-да, таълим ташкилотида 17 фоизни ташкил этиши, ичимлик суви ва канализация билан таъминланмагани, таҳсил олаётган 858 нафар талабага нисбатан таълим ташкилотининг ҳудуди етишмаслиги каби ҳолатлар аниқланган.
Шу муносабат билан 2023 йил 10 февралда нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти учун берилган 062797-сонли лицензияси бекор қилинган.
Июль охирларида Фарғона вилоятидаги Valley innovative university МЧЖга нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти учун берилган лицензияси бекор қилинганди.
Изоҳ (0)