“Манчестер Юнайтед” футболчиси Антонига жисмоний тажовуз бўйича иш очилди.
Жорий йилнинг июнь ойида Антонининг собиқ севгилиси Габриэла Каваллин Сан-Паулу полициясига мурожаат қилиб, футболчини жисмоний тажовуз, зўравонлик, таҳдидлар ва жароҳатлар етказганликда айблаганди.
Каваллин Бразилиянинг UOL сайтига берган интервьюсида, Антони билан суҳбатлари скриншоти ҳамда етказилган жароҳатларнинг суратларини кўрсатган. Ушбу суратлар иш бўйича далил сифатида киритилган ва полиция бу бўйича иш бошлаган. Жабрланувчи 2022 йил 1 июнь куни Бразилияда таътилда бўлган вақтда Антони унинг ҳомиладорлигига қарамасдан жароҳат етказганини таъкидлаган.
Манкунианликлар футболчиси эса бунинг барчаси ёлғонлиги, у қурбонга айланаётганини маълум қилди:
“Барча мухлисларим, дўстларим ва оилам олдида ҳурмат юзасидан бунинг барчаси ёлғонлиги айтишга мажбурман. Ҳозир полиция бу бўйича иш олиб бормоқда ва унинг тафсилотларини очиқлай олмайман.
Лекин мен айбдор эмаслигимни ишонч билан айта оламан. Габриэла билан муносабатларимиз яхши эмасди, иккаламиз ҳам бир-биримизни ҳақорат қилганмиз, аммо ҳеч қачон жисмоний тажовуз қилмадим.
Шундай экан, мен айбловларнинг барчасини очиқчасига рад этишга қарор қилдим. Полиция томонидан олиб борилаётган тергов менинг айбсизлигим ҳақидаги ҳақиқатни очиб беради, деб ўйлайман”.
Ушбу вазият туфайли Антони Бразилия терма жамоасининг сентябрь ойидаги ўйинларидан четлатилди. Унинг ўрнини “Арсенал” футболчиси Габриэль Жезус эгаллаган.
Изоҳ (0)