Кўплаб хит тароналар ижроси билан мухлислар қалбидан жой олган хонанда Лола 4 сентябрь куни 38 ёшни қарши олди. У куйлашдан ташқари ўзбек томошабинларига севимли бўлишга улгурган “Севинч”, “Келгинди куёв”, “Ёндиради, куйдиради”, “Фарҳод ва Ширин” каби кинофильмларда ҳам суратга тушган.
Отаси санъатга қизиқиш уйғотган
Лола Йўлдошева 1985 йилнинг 4 сентябрида Тошкент шаҳрида туғилган. Унинг отаси Равшанбек Йўлдошев узоқ йиллар мобайнида ички ишлар органларида терговчи сифатида фаолият юритган. Шу билан бирга, унинг санъатга қизиқиши баланд бўлган. Айнан шу қизиқиш ортидан Равшанбек Йўлдошев кейинчалик кўплаб юлдузларни кашф қилган “Тарона рекордс” продюсерлик компаниясига асос солган. Лола оилада тўрт нафар фарзанднинг тўнғичи бўлган, яъни хонанданинг Рустам исмли укаси ва Анора, Асал исмли сингиллари бор.
Хонанда ёшлигида гуманитар фанларни катта қизиқиш билан ўрганади ва Буюк Британиядаги ўрта мактабда таҳсил олади. Лола мактабни битирганидан кейин Москва халқаро университетида ўқишга киради. Хонанда ўқишни битиргач, Тошкентга қайтади ва бизнес соҳасидаги билимларини мустаҳкамлаш мақсадида пойтахтдаги Вестминстер халқаро университетида ўқийди. Сўнгра Тошкент давлат юридик университетига ўқишини кўчиради ва олий маълумотли юрист сифатида ўқишни битиради.
Ижодий фаолиятини реклама ролигидан бошлаган
Лола ўз ижодий фаолиятини жуда эрта бошлаган. У ўн ёшида “Ширибом” реклама ролиги учун ўзининг илк таронасини ижро этган. Лола 2002 йилда хонанда сифатида фаолиятини бошлайди ва “Нетайин” номли таронасини ижро этади. Хонанданинг ушбу таронаси кўп муддат хит тароналар сафидан тушмайди. У 2002 йилда россиялик продюсерлар билан шартнома имзолайди ва бир муддат Майя тахаллуси остида ижод қилади.
Шундан кейин ўзини актрисаликда синаб кўрмоқчи бўлган Лола 2003 йилда “Севинч” номли кинокартинада хонанда Шаҳзода, актёр Бобур Йўлдошев билан суратга тушади ва актриса сифатида танилади. У шундан сўнг “Муҳаббатим”, “Топдим бахтимни”, “Имкон бер”, “Сенга”, “Соғиндим”, “Кел” таронасини мухлисларига тақдим этади.
Хонанда иштирокидаги “Келгинди куёв”, “Жодугар”, “Ёндиради, куйдиради”, “Ғаройиб орзулар” фильмлари ҳам томошабинларнинг эътирофига сазовор бўлган.
Лола 2020 йилда Хитой нашри тузган Марказий Осиёнинг энг гўзал хонандалари рўйхатига киритилган. Ушбу рўйхатдан икки машҳур хонанда — Шаҳзода ва Райҳон ҳам жой олган. Шунингдек, рўйхатда Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг энг машҳур қўшиқчилари номлари келтирилган.
Омадсиз биринчи турмуш
Актриса 2005 йилда “Тарона” мукофотлаш маросимида “Йилнинг энг яхши аёл хонандаси” сифатида ғолиб деб топилади. Шундан кейин хонанда турмушга чиқади ва ижодда танаффус қилиб, бутун эътиборини оиласига қаратади. Лола “Топдим бахтимни” номли таронасида биринчи турмуш ўртоғи билан суратга тушган. Орадан 6 йил ўтиб, 2011 йилда у турмуш ўртоғи билан ажрашганини ва ижодга қайтганини маълум қилади.
Лола биринчи турмуш ўртоғи билан севишиб турмуш қургани, бироқ кейинчалик у томондан қўйилган турли тақиқ ва чекловлар ўзаро келишмовчилик ҳамда оиланинг бузилишига сабаб бўлгани ҳақида сўзлаб берганди.
“Биз собиқ турмуш ўртоғим билан танишганимизда 18 ёшда эдим. У мени турмушга чиқишга кўндириш учун бир йил ‘меҳнат қилди’, бизнинг тўйимизга тиш-тирноғи билан қарши бўлган ота-онамни кўндириш учун эса яна бир йил сарфлади. У ҳаммамизни кўндириш учун барча маҳоратини ишга солди. Шу тарзда орадан 2 йил ўтиб биз унга таслим бўлдик. Отам собиқ турмуш ўртоғимдан тўйдан кейин ўқишимни давом эттиришим ҳамда ўтган йиллар мобайнида эришган карьерамни давом эттириш ваъдасини олди. Эркаклар қўл ташлашди, нон синдирилди, тўйимиз бўлди.
Ота-онамникига бир ҳафтада бир марта бир неча соатга борардим, ётиб қолишга ҳеч қачон рухсат беришмасди. Шундай қилиб орадан йиллар ўтди. Икки фарзандли бўлдим. Ҳар куни эрталаб соат 6:00 да турардим, ярим кечаси ухлашга ётардим. Бошқаларнинг манфаатлари билан яшардим, чунки ўзимда ҳеч қандай манфаат йўқ эди. Ҳаётимдаги асосий мақсад оила аъзоларига хизмат қилиш, уларга яхши кўриниш эди. Ҳар кеча ухлашдан олдин ўзимни саҳнада ҳис этар, кўзларим ёниб табассум қилаётганимни тасаввур қилардим. Фақат тушимда ўзимни бахтли ва эркин ҳис этардим.
Ҳақиқий Лолани соғинардим…
Кунлардан бир кун мен 40 кунлик ўғлимни ва икки ёшли қизимни олиб у уйдан кетдим ва у ерга бошқа ҳеч қачон қайтмадим”, — деб ёзганди Лола Instagram саҳифасида.
Хонанда 2017 йилда самарқандлик Боис исмли тадбиркорга турмушга чиққанини маълум қилди. У турмуш ўртоғининг ишлари туфайли бир муддат Россияда яшади. 2020 йилда қизлари Аиша туғилганидан сўнг жуфтлик Тошкентга кўчиб келди.
“Ўзгариш вақти келди. Биринчидан, бу менинг бирор нарсани тубдан ўзгартиришга ички тайёргарлигим. Мен ҳар доим қайтиб келишимизни билардим. Бироқ ўтган йили бу лаҳзалар яқинда содир бўлишини ҳис қилдим. Умуман олганда, мен ҳаётга ишониш кераклигини тушуниб етдим, у ҳамма нарсани ўз вақтида ва керакли тарзда қилади. Бир хил шароитда, бир жойда бўлганимда қизиқишларимни йўқотаман ва зерикаман”, — деган эди бу ҳақда Лола.
Отасининг вафот этганидан сўнг анча пайтгача ўзига кела олмаган
2020 йилнинг 31 март куни Лоланинг отаси Равшанбек Йўлдошев юрак хуружидан вафот этди. Хонанда ўшанда оиласи билан Россиянинг Москва шаҳрида эди. Пандемия туфайли авиарейслар чеклангани боис Лола отасининг маъракаларига кела олмади. Хонанда отасининг ўлимидан кейин анча вақтгача ўзига кела олмагани ҳақида мухлисларига сўзлаб берган эди.
“Отам сочининг учигача интеллигент одам эди. У энг ақлли, меҳрибон, ниҳоятда истеъдодли инсон эди. У ҳар доим ўзини оғир-босиқ тутар, паст, ёқимли овозда гапирарди. Ўйлашимча, у жавобини билмайдиган биронта ҳам савол йўқ эди. Ҳар доим тўғри, доно маслаҳат берарди. Мен ҳар доим ижод ва шахсий ҳаётга оид маслаҳатларни ундан сўрардим. У ҳар доим менинг суянчиғим эди. У ўзини севарди, ўзига қарарди, ҳар доим дид билан кийинарди. Яна унинг қўллари жуда чиройли эди. У туғишимга келишини айтганди, мен уни роса кутаётган эдим. Биз у билан ўлимидан бир кун аввал гаплашган эдик. Иккаламиз ҳам бу охирги марта эканлигини билмагандик”, — деган эди Лола.
Хонанда зарарли одатлари ҳақида
Лоланинг ҳам кўплаб инсонлар сингари зарарли одатлари бор. Хонанда мухлисларига аталган постида пунктуаллик (ўз вақтида улгуриш) борасида ажралиб турмаслиги ва кўпинча ҳамма жойга кечикиб юришига иқрор бўлди, буни эса ишларни доим кейинга қолдириши билан изоҳлаган эди. Бундан ташқари, қўшиқчи ўзини қаҳвада чекламаслигини, бир кунда бу ичимликдан икки финжон ҳам ичиши мумкинлигини қайд этган эди. Шунингдек, Лола кир ювиш машинасидан ювиб бўлинган кийимларни чиқариб ёйиб қўйишни унутиши, анча вақтдан кейин эса уларни қайтадан ювиши ҳақида ёзган эди.
Кўп танқид қилинадиган хонанда
Лола кийиниш услуби ва клипларидаги сюжетлар туфайли тез-тез муҳокамалар марказида бўлиб келади. Хейтерлар унинг қўшиқлари сўзлари, Instagram саҳифасидаги постларини ҳам танқид остига олади. 2019 йилда Лола “Севгингни менга айт” деб номланган қўшиғига суратга олинган клипда ўзбек шоу-бизнесидаги цензурани акс эттирган. 7 дақиқалик клип хонанданинг мухлислари томонидан илиқ қарши олинган.
Хонанда ҳозирда яна фаол ижодга қайтган. У тез кунларда мухлислари эътиборига иккита янги қўшиғи ҳамда уларга ишланган клипларни тақдим этишни режалаштирмоқда.
Изоҳ (0)