“Тошшаҳартрансхизмат” Тошкент шаҳридаги автобуслардан бири тутаб кетгани айтилган хабарлар юзасидан маълумот берди.
Маълум қилинишича, 25 август куни 18-автобус саройи филиалига бириктирилган Yutong русумли автобусда тутун ҳосил бўлган.
18-автобус саройи филиали тасарруфидаги “Чорсу” савдо маркази—Чинни бозор йўналишида қатновчи 147-сонли автобуснинг совитиш тизими (кондиционер) компрессоридаги носозлик туфайли совитиш тизими тасмаси ишқаланиши ҳисобига тутун ҳосил бўлган.
Мазкур ҳодиса автобус ҳайдовчиси томонидан дарҳол аниқланиб, носозликни бартарф этиш мақсадида автобусни 18-автобус саройи филиалига олиб борган. Ҳодиса оқибатида йўловчиларга ва атрофдагиларга зарар етмаган.
Ҳозирда ушбу автобус 18-автобус саройи филиалига олиб келинган бўлиб, Yutong компаниясининг техник ходимлари томонидан автобус носозлиги бартараф этилган.
“Автобус соз ҳолатга келтирилган ҳамда 26 август кунидан ушбу йўналишда хизмат кўрсатишни давом эттиради”, — дейилади хабарда.
Бундан олдин пойтахтда электробус билан боғлиқ бир нечта йўл-транспорт ҳодисалари қайд этилганди. Хусусан, 8 июнь куни Учтепа туманида йўловчи электробуси ва Lacetti тўқнашиб кетган, 5 июнда эса Яккасарой тумани Шота Руставели—Глинка кўчалари кесишган чорраҳада Lacetti, Malibu-2 ва Yutong русумли электробус иштирокида ҳам ЙТҲ юз берган эди.
Изоҳ (0)