Шерзод Асадов президентнинг матбуот котиби лавозимига тайинланди. Давлат раҳбари бу борадаги тегишли фармонни имзолади.
Шерзод Асадов 1981 йил 4 майда Бухоро вилоятида туғилган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган. Асадов рус, инглиз, испан, турк тилларини билади.
У иш фаолиятини 2007 йилда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Ташқи сиёсий фаолият таҳлили ва стратегияси бош бошқармаси референти, атташеси лавозимидан бошлаган.
Фаолияти давомида Шерзод Асадов Ўзбекистоннинг Сингапурдаги элчихонаси атташеси, 3-котиби (2008—2012), Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ёрдамчиси (2015—2017), Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонаси маслаҳатчиси — муваққат ишлар вакили (2017—2018), Ўзбекистоннинг Австриядаги фавқулодда ва мухтор элчиси, Ўзбекистон Республикасининг ЙХҲТ ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳузуридаги доимий вакили (2018—2020) ҳамда 2020 йилдан 2021 йил мартгача Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари сифатида ишлаган.
2021 йил март ойида президент раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев администрация раҳбариятига ўзгартириш киритилишини маълум қилганди. “Ташқи ишлар вазири ўринбосари Шерзод Асадов администрация раҳбари ўринбосари — президент матбуот котиби бўлади. Мен бугун шу бўйича фармонни имзоладим. Шерзод Асадовнинг билими бор, хорижий тилларни билади, дунёни кўрган”, — деган эди президент ўшанда.
Изоҳ (0)