Қозоғистонда амалдорларнинг маошини 85 минг тенгега (182 доллар) пасайтириш бўйича петиция пайдо бўлди. Электрон талаб уч кун олдин alash.online сайтида ишга туширилган ва ҳозирда 17 мингдан ортиқ имзо тўплаган.
Айни пайтда петицияга салкам 100 киши қарши чиққан.
“Биз Қозоғистон халқи барча мансабдор шахсларнинг (ҳокимлар, вазирлар, депутатлар ва бошқалар) иш ҳақини 85 минг тенгега (182 доллар) камайтиришни талаб қиламиз. Улар бир киши ойига 85 минг тенгега (182 доллар) яшаши мумкин, демоқда. Ойига 85 минг тенге эвазига яшаши мумкин экан, уларга бунчалик юқори маош тўлаш ноўрин. Қолган маблағни қозоғистонликларнинг долзарб муаммоларига йўналтириш мумкин”, — дейилади мурожаатномадa.
Петицияни яратишга Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири ўринбосари Олжас Ўрдабаевнинг Қозоғистонда ойига 85 минг тенге (182 доллар) маош билан яшаш мумкинлиги ҳақидаги сўзлари сабаб бўлган.
Аҳоли ҳокимлар, вазирлар, депутатларга юқори маош тўлаш ўрнига давлат нафақаларини ошириш, имтиёзли ипотека ва автокредитларни молиялаштириш, маблағларни йўллар ва инфратузилмани таъмирлашга йўналтириш, уйсизлар учун ошхоналар очишни талаб қилмоқда.
Шу билан бирга, ўтган ой қозоғистонлик депутат Сергей Пономаревнинг ўғли ижтимоий тажриба ўтказди. Глеб Пономорев Қозоғистонда энг кам иш ҳақи 70 минг тенге (150 доллар) га яшаш мумкинми ёки йўқлигини текширишга қарор қилди. Натижада тегишли пул миқдори 13 кунда тугади.
Изоҳ (0)