Ўзбекистонлик эркак Суриядаги террорчилик ташкилоти фаолиятини қўллаб-қувватлаб, молиялаштириб келгани аниқланди. Бу ҳақда ИИВ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳолат Ички ишлар вазирлиги ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбирлар давомида аниқланган. 1994 йилда, Фарғона вилоятида туғилган Ғ.О. исмли шахс Жанубий Корея давлатига бориб, у ерда “Имом ал-Бухорий катибаси” террорчилик ташкилоти етакчилари билан алоқа ўрнатиб, уларнинг ноқонуний фаолиятини молиялаштириб келган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 155, 244-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
“Ҳурматли фуқаролар чет давлатларида фаолият юритаётганингизда ёки таълим олаётганингизда огоҳ бўлинг. Террорчилик ташкилотлари ёлловчиларининг таъсирига тушиш ҳамда уларнинг фаолиятида қатнашиш оғир оқибатларга олиб келишини унутманг! Ўз тақдирингизга бефарқ бўлманг”, — дейилади вазирлик хабарида.
Изоҳ (0)