Хитойда йўловчининг повербанки (зарядловчи қурилма) ёниб кетгани сабаб экипаж самолётни фавқулодда қўндиришга мажбур бўлди, деб ёзмоқда Aviaincident Telegram канали.
Ҳодиса Лхаса—Шанхай йўналиши бўйича парвоз қилаётган самолётда содир бўлган. Йўловчилардан бирининг повербанки тўсатдан ёниб кетган. Қурилма эгаси қўрқиб кетганидан уни биринчи классдаги ўриндиқлар орасига улоқтирган.
Борт кузатувчилари повербанкни олиш ва ўчириш учун бир нечта ўриндиқларни қисмларга ажратишга мажбур бўлди, учувчилар эса самолётни Ухан аэропортига фавқулодда қўндирди.
Аввал Истанбулдан Марокашга учаётган Turkish Airlines самолёти бортидаги йўловчи ўз жонига қасд қилганди. Ҳодиса сабабли самолёт Жазоирга фавқулодда қўнган.
Эслатиб ўтамиз, май ойи охирларида Жанубий Кореяда Asiana Airlines авиакомпаниясига тегишли самолётнинг авариявий чиқиш эшиги парвоз пайтида очилиб кетганди. Бортда 200 киши бўлган. 12 киши енгил тан жароҳати олган, тўққиз нафар йўловчи ҳаво етишмаслиги сабаб касалхонага ётқизилган.
Эшикни унинг ёнида ўтирган йўловчилардан бири очгани маълум қилинди.
Изоҳ (0)