Нигерда ҳокимиятни қўлга олган исёнчилар француз ҳарбийлари миллий гвардияга ҳужум қилиб, Нигер ҳаво ҳудудини бузганини айтди. Бу ҳақда исёнчилар баёнотига таяниб, “Известия” хабар берди.
Чад пойтахтидан ҳавога кўтарилган Франция самолёти ҳаво ҳудуди ёпилганига қарамай, Нигер узра парвоз қилган. Тиллабери олтин кони ҳудудида президент гвардияси жангчиларига ҳужум уюштирилгани айтилмоқда. Қурбонлар ва ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот берилмаган.
Шунингдек, исёнчилар томонидан тузилган “Ватан мудофааси миллий кенгаши” воқеа муносабати билан таҳдид даражасини оширишни буюргани таъкидланади. Франциянинг BFМ TV телеканали ҳам Нигер Францияни ҳаво ҳудудини бузишда ва “террорчиларни озод қилишда” айблагани ҳақида хабар берди.
Нигерда ҳарбий тўнтариш
Нигерда 26 июль куни ҳарбий тўнтариш содир бўлди. Президент гвардияси давлат раҳбари Муҳаммад Базумни ҳокимиятдан четлатди. Икки кундан сўнг президент гвардияси бошлиғи генерал Абдураҳмон Тчиани ўзини янги давлат раҳбари деб эълон қилди.
ECOWAS мамлакатлари Нигерга ҳарбийларни киритишга тайёрлигини эълон қилди. Бунга жавобан давлат тўнтаришлари натижасида ҳокимиятга келган ҳарбийлар томонидан бошқариладиган Мали ва Буркина-Фасо “Нигер ишларига ҳар қандай ҳарбий аралашув уларга қарши уруш эълон қилиш билан баробар бўлишини” билдирди.
Изоҳ (0)