Жиззах вилояти Янгиобод туманида мижозларнинг кредит қарздорлиги учун тўланган пулларни ўзлаштирган собиқ етакчи мутахассис аниқланди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.
Қайд этилишича, департаментнинг Янгиобод туман бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширув давомида АТБ “Қишлоқ қурилиш банк” Янгиобод филиалининг кредитлаш бўлими собиқ етакчи мутахассиси Н.Қ. фуқаро М.Б.нинг номига 20 миллион сўм кредит олиб ўзлаштиргани, шунингдек, банк мижозлари Ш.Н. ва М.О.дан кредит қарздорлигини сўндириш учун қабул қилган жами 61,4 миллион сўм нақд пулларини банк кассасига топширмасдан талон-торож қилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Июль бошларида Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги банк филиали кассири мижозларнинг 41 та банк карталаридаги маблағларни ўғирлагани аниқланганди. Унга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси (Ўғрилик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва ўғирланган маблағларнинг барчаси қопланган.
Изоҳ (0)