Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлиб ўтган лидер аёллар қурултойида омбудсман Жамила Жаманбаева мамлакатда аёллар ҳуқуқларини таъминлаш учун шошилинч чоралар кўриш зарурлигини таъкидлади.
У уйда болаларни тарбиялаётган аёлларга иш стажи ёзишни таклиф қилди. Бу ҳақда “Дарё” мухбири хабар берди.
Жаманбаевага кўра, “оиладаги зўравонлик даражаси жуда юқори ва бунга тузатиш киритиш керак, аёлларга нисбатан стереотипларни йўқ қилиш зарур”.
Омбудсман Қирғизистон меҳнат қонунчилигига тегишли ўзгартиришлар киритишни таклиф қилди. У мамлакатда аёллар ва болаларга нисбатан ҳар қандай кўринишдаги зўравонликнинг олдини олиш бўйича етарли давлат марказлари ва маълумотлар йўқлигини айтди.
“Милиция ходимлари давлат органларидан ҳимояланиш усуллари ва турлари ҳақида аҳолини кенг миқёсда хабардор қилиши керак”, — дея қўшимча қилди у.
Омбудсман аёлларни ҳимоя қилиш учун қуйидаги чораларни кўришни таклиф қилди:
- аёлларнинг меҳнат стажига улар ишдан кетишга мажбур бўлган ёки болаларни тарбиялаш билан шуғулланган вақтларини киритиш;
- аёллар ва эркакларнинг иқтисодий фаолиятнинг барча турларидан тенг фойдаланишини таъминлаш;
- аёлларнинг кичик ва ўрта бизнесда бандлигини таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш;
- кичик ва ўрта бизнесни очиш учун фоизсиз кредитлар бериш;
- қишлоқ ва шаҳарларда аёлларнинг бандлик имкониятларини тенглаштириш стратегиясини ишлаб чиқиш.
Изоҳ (0)