Ўзбекистоннинг энг йирик заводи “Қувасойцемент” АЖ цементни омихта майдалашга ихтисослашган роллер-пресс ва айлана тегирмонидан иборат янги майдалаш станциясини ўрнатишга оид қурилиш-монтаж ишларини якунламоқда. Станциянинг иш унумдорлиги соатига 100 тонна цементга тенг. Фойдаланишга топшириш 2023 йилнинг кузига режалаштирилган.
Sinoma компаниясининг янги ускунаси сепаратор ва материалларни дастлабки майдалашга мўлжалланган қурилма билан жиҳозланган бўлиб, корхонага цемент сифатини яхшилаш, умумий иш унумдорлигини ошириш ва қўшни мамлакатларга экспортни кенгайтириш имконини беради.
“United Cement Group стратегиясига мувофиқ, ‘Қувасойцемент’да босқичма-босқич модернизация қилиш ишлари бир неча йилдан буён давом этмоқда, — дейди ‘Қувасойцемент’ АЖ бош директори Денис Никитин. — Сўнгги йиллар давомида биз эскирган ускуналарни режали тарзда алмаштирдик, автопаркни янгиладик, цемент чанги чиқиндилари даражасини камайтириш учун янги филтрлар ўрнатдик ва United Cement Group амал қиладиган юксак талабларга мувофиқ цемент тегирмонларини модернизация қилдик. Ўзбекистон цемент бозори етарлича бой, шунинг учун, маҳсулот рақобатбардошлигини ошириш мақсадида мавжуд бешта тегирмон ҳажмини “ёпишга” қодир яна битта, олтинчи цемент тегирмонини фойдаланишга топширишга қарор қилдик. Бу шунингдек, кўприклар, йўллар, аэропортлар қурилиши учун маҳсулотга бўлган қўшимча талаб билан ҳам боғлиқ. Бизга айнан шундай янги майдалаш имкониятларига эга замонавий ускуна етишмаётган эди”.
Ёрдамчи ва ностандарт ускунани тайёрлаш билан “Ўзбеккимёмаш заводи” АЖ ва “Кварц” АЖ корхоналари шуғулланди. Монтаж ишларини “Қувасойцемент” ускунани етказиб берган Sinoma компаниясининг хитойлик мутахассислари билан ҳамкорликда амалга оширди. Шунингдек, Кöppern немис компанияси корхонани роллер пресс билан таъминлади. Металл конструкцияни ўрнатиш билан “Фарғона қурилиш монтаж” корхонаси шуғулланди.
Сўнгги йилларда United Cement Group иштирокида “Қувасойцемент” ўзининг майдалаш паркини тўлиқ янгилади, иш тўхтаб қолишининг олдини олиш, цементнинг яхши майдаланиши ва корхонанинг ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш мақсадида цемент тегирмонларини модернизация қилди. 2023 йилда “Кварц” шиша заводи “Қувасойцемент” томонидан сотиб олинди ва UCG холдинги таркибига кирди. Завод раҳбарияти фикрига кўра, бундай саноат уюшмаси қурилиш сегментини цемент ва архитектура-қурилиш шишаси билан тўлиқ таъминлай олади.
“Қувасойцемент” АЖ Ўзбекистон ҳудудида 1932 йилдан буён фаолият юритади ва республика ҳамда Марказий Осиёда цемент ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича энг йирик заводлардан бири ҳисобланади. Унинг ишлаб чиқариш қуввати йилига миллион тонна цементдан зиёд. “Қувасойцемент” маҳсулотининг асосий истеъмолчилари Фарғона ва Фарғона вилоятидаги цемент сотувчи ва истеъмолчиларидир. Яқин вақтда завод ишлаб чиқариш линиясини юқори сифатли рақобатбардош цемент билан бойитиш ҳисобига Қирғизистон бозорида савдони кенгайтиришни режалаштирмоқда.
UCG ҳақида маълумот
United Cement Group (UCG) ҳолдинги — Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистонда фаолият юритувчи Марказий Осиёнинг йирик цемент ҳолдинги. Гуруҳ корхоналари энг юқори сифатли цементнинг умумий қурилиш ва махсус маркаларини ишлаб чиқаради. Улар минтақадаги таянч инфраструктура объектлари қурилишида кенг қўлланилади. Гуруҳ бизнес ўсишининг юқори динамикасини намоён этмоқда ва бунда ижтимоий масалалар, экология ва энергия самарадорлигига алоҳида эътибор қаратган ҳолда барқарор ривожланишни кўзлайди. UCG заводларни мамлакат иқтисодиёти тармоқларининг цементга бўлган талабини қондира оладиган замонавий ишлаб чиқариш корхоналари сифатида такомиллаштириш ва халқаро бозорнинг етакчи ўйинчиларига айлантириш учун уларни модернизация қилмоқда.
Изоҳ (0)