Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Абай вилоятидаги қўриқхонада юз берган кенг кўламли ёнғин оқибатида ҳалок бўлган ўрмон хўжалиги ходимларининг оила аъзолари ва яқинларидан кечирим сўради. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди.
Тўқаев 11 июнь куни вертолётда Абай вилоятидаги ёнғинлардан зарар кўрган ҳудудлар бўйлаб учиб ўтди ва ёнғин оқибатида жабрланганлар билан учрашди.
“Мен бу ерга махсус ҳамдардлик билдириш учун келдим. Бу, биринчидан. Иккинчидан, барча мумкин бўлган ёрдам кўрсатилишини хоҳ у моддий ёрдам бўлсин, хоҳ бошқа йўл билан шахсан маълум қилиш учун.
Жумладан, болаларни боғчаларга, олий ўқув юртларига жойлаштириш ва шу каби барча зарур нарсалар. Ҳар қандай ёрдам кўрсатилади. Албатта, сизлар биланман, сиз мамлакатимиз фуқароларисиз.
Мен сизлар учун жавобгарман. Юртбоши сифатида бўлиб ўтган воқеа учун узр сўрайман. Бу жуда оғир эканини тушунаман. Сиз боқувчингиздан, отангиздан, энг яқин қариндошларингиздан айрилдингиз.
Лекин, афсуски, бу ҳаётда бундай ҳолатлар бўлиб туради. Буларнинг барчасини оқлаб бўлмайди, яна бир бор такрор айтаман, сизга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам кўрсатилади”, — деди у.
Абай вилоятида 8 июнь куни бошланган ўрмон ёнғини оқибатида 14 киши ҳалок бўлди. Вилоятдаги айрим аҳоли Семейдаги 800 кишини сиғдира оладиган 9 та эвакуация пунктига жойлаштирилганди.
Изоҳ (0)