Россия президенти Владимир Путин Херсон вилоятининг Россия назоратидаги қисмида жойлашган Каховка ГЭС тўғони бузилиши оқибатида зарар кўрган ҳудудларга боришни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда президент матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга маълум қилди.
Журналистлар Песковдан Путиннинг Херсон вилоятидаги “фалокат зонаси яқинида” оператив штаб йиғилишини ўтказиш ёки у ерга шахсан бориш режаси бор-йўқлигини сўрашди.
“Йўқ, ҳозирда бундай режалар йўқ”, — деб жавоб берди Россия президентининг матбуот котиби.
8 июнь куни тушдан кейин Владимир Зеленский Херсон вилоятининг Украина назоратидаги қисмига ташриф буюргани маълум бўлди.
“Кўплаб муҳим масалалар бор: табиий офат оқибатида юзага келган тезкор вазият, аҳолини сув босиш мумкин бўлган ҳудудлардан эвакуация қилиш, тўғон портлашидан кейин юзага келган фавқулодда вазиятни бартараф этиш”, — дейилади Украина президентининг Telegram каналида.
Зеленский сув босган ҳудудлардан одамлар эвакуация қилинаётган кечув жойига ҳам ташриф буюрди. У жабрланганларга ёрдам бераётган қутқарувчилар ва кўнгиллиларга миннатдорлик билдирди.
6 июнь куни Каховка ГЭС тўғони вайрон бўлди — Днепрнинг қуйи оқимига сув қуйила бошлади, бунинг оқибатида минглаб турар жой бинолари сув остида қолди. Тўғон жойлашган Новая Каховка шаҳрининг Россия томонидан тайинланган “мэри” Владимир Леонтев соҳилбўйи ҳудудларини сув босиши оқибатида Херсоннинг беш фуқароси ҳалок бўлганини айтди.
Изоҳ (0)