Италия президентининг қароргоҳи — Рим шаҳридаги Квиринал саройида расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлиб турган Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Дарё” мухбири хабар берди.

Унга кўра, сарой олдидаги майдонда олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул ҳамда отлиқ гвардия аскарлари саф тортди. Квиринал саройининг минорасида Италия, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи байроқлари кўтарилди.

Шавкат Мирзиёевни Италия президенти Сержо Маттарелла кутиб олди. Ҳарбий оркестр икки мамлакат миллий мадҳияларини ижро этди. Фахрий қоровул бошлиғи давлат раҳбарига рапорт берди.

Президентлар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутлади. Биргаликда суратга тушиш маросимидан сўнг давлат раҳбарларининг икки томонлама учрашуви бошланди.


Изоҳ (0)