Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ЭИИҚК) Аэрокосмик кучлари ракетага қарши мудофаа тизими дахл қила олмайдиган, 1400 километргача уча оладиган “Фаттоҳ” деб номланган гипертовушли ракетани тақдим этди, дея хабар бермоқда Fars агентлиги.
Эрон Аэрокосмик кучларининг сўнгги стратегик ютуғи бўлган “Фаттоҳ” гипертовушли ракетаси президент Иброҳим Раисий ва ЭИИҚК бош қўмондони Ҳусайн Саламий иштирокида тақдим этилди.
Қайд этилишича, “Фаттоҳ” қаттиқ ёнилғили двигателга эга бўлиб, ракеталарга қарши барча мудофаа тизимларини енгиб ўтишга ва уларга зарба беришга қодир.
Янги ракетанинг учиш масофаси 1400 километр, тезлиги эса соатига 14-15 минг километргача.
Агентлик маълумотларига кўра, ракета яхши манёврга эгалиги ва юқори аниқлиги билан ажралиб туради. “Фаттоҳ” атмосферада ва ундан ташқарида манёвр қила олади, радар тизимларига кўринмайди.
Изоҳ (0)