Ўзбекистон президентининг 31 майдаги фармони билан Табиат ресурслари вазирлиги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги деб қайта номланди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” Telegram-канали хабар берди.
Фармон билан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги қонунчиликка риоя этилиши ва унинг ижроси устидан назоратга масъул бўлган Бош прокурор ўринбосари лавозими киритилди. Вазирликда алоҳида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Давлатекология назорат инспекцияси ташкил этилди.
Президентнинг “Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан 2023 йил 1 январдан Вазирлар Маҳкамаси таркибидаги вазирликлар 25 тадан 21 тага қисқартирилганди. Фармонга мувофиқ Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси Табиат ресурслари вазирлигига айлантирилганди.
1 февраль куни Табиат ресурслари вазирлигида қатор тайинловлар амалга оширилганди. Обиджон Қудратов табиат ресурслари вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига, Жусипбек Казбеков табиат ресурслари вазири ўринбосари лавозимига, Расул Кушербаев табиат ресурслари вазирининг маслаҳатчиси лавозимига, Шерзод Ҳабибуллаев вазирлик ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати агентлиги директори лавозимига тайинланганди.
Изоҳ (0)